preview
preview
preview
preview

Ўзбекфильм

Ўзбекистонда кинофильмларнинг илк намойиши 1897 йил Тошкентда бўлиб ўтган. 1924 йили “Бухкино” номли Рус-Бухоро ўртоқлик ташкилоти барпо этилиб, у 1925 йили бир қатор ҳужжатли фильмлар ҳамда “Севзапкино” киностудияси билан биргаликда “Ўлим минораси” фильмини суратга олган. Шу йили “Бухкино” “Пролеткино” билан ҳамкорликда “Мусулмон қиз” бадиий фильмни ҳам суратга олади. Ҳар икки фильм ҳам рус режессёрлар, актёрлар ва операторлар томонидан суратга олинган эди. Ҳар икки фильм ҳам рус режессёрлар, актёрлар ва операторлар томонидан суратга олинган эди.

1925 йил “Ўзбеккино” корхоналар идораси ташкил этилди ва “Шарқ юлдузи” кинофабрикаси очилди (Ушбу кинофабрика 1958 йилдан бошлаб “Ўзбекфильм” деб юритила бошлаган). Ҳудди шу йили бир қатор хужжатли, илмий-оммабоп фильмлар ва “Пахта-Орол” бадиий фильми суратга олинган. Сўнг Ўзбекистоннинг– аёлларни озод қилиш, ер-сув ислоҳотларига оид муаммоларига бағишланган: “Иккинчи хотин” (Вторая жена), “Рават чиябўрилари” (Шакалы Равата) ва “Паранжи” (Чадра, 1927 й.), “Ёпиқ фургон” (Крытый фургон,1928й.), “Авлиёнинг қизи” (Дочь святого,1931), “Рамазон” (1933) бадиий фильмлари суратга олинади. Республикадаги саноатлаштириш ишлари ўзбек киносида илк маротаба Н. Ғаниев томонидан 1931 йилда суратга олинган “Кўтарилиш” (Подъем) номли фильмида кўрсатилган. 30- йилларнинг биринчи ярмида илк тарихий фильм – “Тонг олдидан” (1933 йил, реж. С. Ходжаев) ва болалар учун “Клыч” (1936 йил, реж. Ю. Агзамов) фильмлари суратга олинади. Н. Ғаниевнинг “Йигит” (1936й.) фильми билан ўзбек кинематографиясининг бошланғич босқичи якунланади. Сўзсиз кино даврида ўзбек кинематаграфияси ривожига режиссёрлар: О.Н.Фрелих, К.Гертель, М.Доронин, Н.Н.Кладо, операторлар: А.Дорн, А. Булинский, Ф. Верига-Даровский, В. Шевченко, В. Тимковский ва бошқалар катта ҳисса қўшган. Шу йиллар мобайнида ёш киноижодкорлар: Н. Ғаниев, К.Я. Ёрматов, М.К. Қаюмов, Хўжаев, Э. Ҳамроев, Ю.Агзамов, А. Саидовларнинг плеядаси (арбобларининг гуруҳи) юксалди. Ўзбек кинематографларининг ижоди ва тасвирга олиш техникаси мукаммаллашуви овозли кино учун замин яратди. “Қасам” (1937й., Реж. А.Г. Усольцев)- жамоалаштириш йўлига ғов бўлаётган қишлоқ ҳаёти ва ер-сув ислоҳотлари атрофида бўлган шавқатсиз синфий курашларни кўрсатиб берган илк овозли ўзбек фильми ҳисобланади. Фильм муаллифлари деҳқонларнинг шароити ва қишлоқ аҳлининг турмуш тарзини реалликка мослаб кўрсатиб беришга мушарраф бўлганлар. Фильмда Я. Бобожонова, А.Исматов, Л. Саримсоқова, Р. Пирмуҳамедовларнинг истеъдодлари намоён бўлган. “Азамат” номли овозли фильм (1940й., Реж. А.В. Кордюм) ҳам ўзбек қишлоғи ҳаётига бағишланган эди. Унда ҳаётий воқеалар ва халқ хандалари моҳирона кўрсатилган. “Асал” (1940 й., Реж. М.Егоров, Б. Казачков) фильми эса Ўзбекистондаги енгил саноат комбинати ишчилари, янги ишлаб чиқариш ва муносабатлар ҳақида сўзлаган илк киноасардир. Фильм сценарийи муаллифи Комил Яшин. Асарда бир қанча миллий мусиқа ва қўшиқлар янграган. Асосий бош аёл қаҳрамони ролини Ҳалима Носирова ижро этган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга бошқа давлатларнинг киностудиялари эвакуация қилинган эди. Тошкентда Москва, Ленинград, Киев киностудиялари ижодкорлари фаолият юритган. Турли студиялар ҳамкорлигида эса “Икки жангчи”, “Александр Пархоменко” (реж. Л.Д. Луков), “217-рақамли одам” (реж. М.И. Ромм), “Насириддин Бухорода” (реж. Я.А. Протазанов) каби фильмлар суратга олинган. Бундан ташқари ўзбек киноижодкорлари томонидан “Биз ғолиб бўламиз!” (реж. К. Ёрматов), “Жасур дўстлар” (реж. Н. Ғаниев), “Фронтдаги дўстларимизга” ва “Ватанимга совға” (реж. К. Ёрматов) каби фильм ва киноконцертлар суратга олинган эди. 40- йилларда ўзбек киносининг катта ютуқлари: “Тоҳир ва Зуҳра” (1945й.), “Насириддиннинг саргузаштлари” (1947й. Реж. Н.Ғаниев), “Алишер Навоий” (1948й. Реж. К. Ёрматов) каби фильмлар суратга олинган. Реалистик тарзда суратга олинган ушбу фильмларда узоқ ўтмишнинг ҳаёти ва маданияти, жамиятдаги ички жараёнлар тасвирланган. “Фарғонанинг қизи” (1948й реж. Н.Ғаниев) фильми замонавий ҳаёт воқеалари ва пахтакор қизнинг тақдирига бағишланган. 50-йилларда Тошкент киностудияси маҳсулотлари қаторидан долзарб масалаларга бағишланган: Режиссёр К. Ёрматовнинг - “Опа-сингил Рахмановалар” (1955й.) ва “Атиргуллар гуллаганда” (1959й); Ю. Агзамовнинг - “Бахт учун” (1957й.) ва “Мафтунингман” (1959й.); Л. Файзиевнинг “Иккинчи маротаба гуллаш” (Второе цветение) (1960й.) фильмлари жой олди. Тарихий мавзудаги: “Ибн Сино” (1957 й. Реж. К. Ёрматов), “Қутлуғ қон” (1956й. Реж. Л. Файзиев), “Фурқат” (1959й. Реж. Ю. Агзамов) фильмларида ўзбек халқининг ўтмишдаги ҳаёти тасвирланган. 60-йиллар кино соҳасидаги бир қатор ютуқлар билан эсда қолган. 1959 йилда ўзбек киноижодкорлари “Ўзбекфильм” киностудиясининг янги биносини қабул қилиб олдилар. Бу ерда ёши улуғ киноижодкорлар – К. Ёрматов, З. Собитов, Ю. Агзамов, М. Краснянский, Н. Рядов, В. Синиченко, В. Еремянлар қаторида ёш ижодкорлар: режиссёрлар – Ш. Аббосов, А. Хачатуров, А. Ҳамроев, Д. Салимов, Р. Ботиров, Х. Ахмар, У Назаров, А. Акбаҳўжаев, Э. Ишмуҳамедов, Қ. Камолова, операторлар- Ҳ. Файзиев, Д. Фатҳуллаев, Л. Травицкий, Т. Эфтимовский, рассомлар – Э. Қаландаров, Е. Пушин, Н. Рахимбоев ва бошқалар ўз ижодий фаолиятларини бошлаганлар. Ушбу давр кинематографияси турли жанрлар, йўналишлар ва мавзулар бойлиги билан ажралиб туради. Бу даврга тегишли: “Синчалак ” (1961 й. Реж. Л. Файзиев), “Ҳаёт тонгдан бошланади” (1966 й. Реж. У. Назаров), “Оқ лайлаклар” (1967 й. Реж. А. Ҳамроев), “Нафосат” (1968й.) , “Севишганлар” (1969й. Реж. Э. Ишмуҳамедов), “Сени кутяпмиз, йигит” (1972й. Реж. Р. Ботиров) фильмларида муҳим аҳлоқий масалалар кўтарилган. Тарихий фильмлар: “Улуғбек юлдузи” (1965 й. Реж. Л. Файзиев), “Ўтган кунлар” (1970й. Реж. Ю. Агзамов) ҳам шу даврга тегишлидир. Илк маротаба ўзбек ҳалқининг иккинчи жаҳон уруши давридаги жасорати акс этган: “Сен етим эмассан” (1963й. Реж. Ш. Аббосов), “Қирқ биринчи йил олмалари” (1970 й. Реж. Р. Ботиров), “Қуёш билан қайт” (реж. Л. Файзиев) фильмлари ҳам суратга олинди. 1966 йилдан бошлаб эса “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан мультфильмлар, “Наштар” номли ҳажвий кинотўплам (йилига 6та намойиш) ҳам ишлаб чиқарилган. Тарихий ленталар: “Одамлар орасида ёлғиз” (1974 й. Реж. К. Ёрматов), “Инсон қушлар ортидан боради” (1976й. Реж. А. Ҳамроев), “Абу Райхон Беруний” (1975 й. Реж. Ш. Аббосов), “Даҳонинг ёшлиги” (1983 й. Реж. Э. Ишмуҳамедов) каби фильмлар турли жанрда бўлишига қарамай, уларда ўзбек ҳалқи тарихи саҳифалари очилган, тарихий шахслар – шоира Нодира, шоир Мушфиқ ва олимлар – Беруний, Ибн Сино сиймолари гавдалантирилган. Шу йили болалар фильми ҳам жадаллик билан ривожлана бошлади. “Қалдирғочлар баҳорда қайтар” (1975й. Реж.Х. Ахмар), “Аччиқ данак” (1977 й. Реж. Қ. Камолова), “Шумбола” (1977й. Реж. Д. Салимов), “Тиниқ ирмоқлар” (1979 й. Реж. А. Акбарҳўжаев) фильмлари болаларда тарихий меросга ҳурмат, қизиқарли саҳналар ёрдамида табиатни асраш, гўзалликни тушуниш ва ардоқлаш каби кўникмаларни шакллантиришда ёрдам беради. 70-йилларда хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда: Болгария билан – “Икки аскар ҳақида ҳикоя” (1977 й. Реж. Сабитов), Югославия билан – “Севги ва нафрат” (1979й. Реж. Р. Ботиров ва Ж. Ристич), Хиндистон билан – “Али Бобо ва қирқ қароқчи” (1980 й. Реж. Л. Файзиев ва У. Мехра) фильмлари суратга олинди. 1975 йил “Ўзбекфильм” киностудиясида сценарийлар устахонаси ташкил этилган. Мустақиллик йилларида “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан суратга олинган фильмлар бир қатор ҳалқаро кинофестивалларда иштирок этди ва кўпгина мамлакатларда эътироф этилди. Жумладан: “Чўпон аёл” (реж. Ю. Розиқов) фильми Москва ҳалқаро фестивалида “энг яхши сценарий” номинациясида Гран-При соҳибига айланди. Шу билан бирга, киностудия томонидан “Дев билан пакана” (реж. Ж. Қосимов), “Осмондаги болалар” (реж. З. Мусоқов), “Қора ёл” (реж. Б. Одилов), “18-квадрат” (реж. Ж. Қосимов), “Ватан” (реж .З. Мусоқов), “Ҳаёт давом этади” (Нам жить дальше) (реж. Ф. Файзиев), “Забаржад” (реж. Б. Одилов), “Ой остидаги уй (ҳовли)” (реж. З. Мусоқав), “Осмон ва ер сувлари қоришиб кетди” (Смешались воды небо и земли) (реж. Ж. Қосимов) каби фильмлар суратга олинди. Сўнгги йилларда киностудия томонидан ишлаб чиқарилган кинокартиналар томошабинларнинг турли ёш қатламини қамраб олган бўлиб, улар орасида болалар учун фильмлар, жиддий муаммога бағишланган ва комедик жанридаги фильмларга ажралади. Жумладан, “Чол ва набира” (2009 й. Реж. Р. Муҳаммаджонов), “Кечиккан ҳаёт” (2010 й. Реж. А. Шаҳобиддинов), “Ёзсиз йил” (2011 й. Реж. Ҳ. Файзиев), “Учар отлар” (2012 й. Реж. Х. Ҳасанов), “Сеҳрли қалпоқча 2” (2014 й. Реж. С. Каримов), “Дилор, дилор, дил ва ор” (2014 й. Реж. Ш. Аббосов) “Шунқорлар” (2015 й. Реж. У. Хамдамов), “Болалик синовлари” (2015 й. Реж. Х. Ҳасанов), “Ойқиз эртаги” (2016 й. Реж. А. Бектурдиев), “Толиққан кўнгиллар ойга талпинар” (2016 й. Реж. С. Назармуҳаммедов), “Дадам бетоб” (2016 й. Реж. З. Мусоқов), “Иснод” (2017 й. Реж. Р. Муҳаммаджонов), “Ришта” (2017 й. Реж. М.Охунов), “Сабот” (2017 й. Реж. Р. Маликов, К. Каримов), “Берлин- Оққўрғон” (2018 й. Реж. З. Мусоқов), “Ёлғон гирдоби”(2018 й. Реж. Н. Тўлаҳўжаев), “Иссиқ нон” (2018 й. Реж. У. Хамдамов) каби фильмларни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

Кейинги тугма орқали бизнинг киностудияда суратга олинган фильмлар рўйхатини юклаб олишингиз мумкин

Юклаб олиш