preview

Бугун, 24 декабрь куни Ёшлар ижод саройида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган "Рангсиз тушлар" бадиий фильмининг катта премьераси ўтказилди.

Намойиш аввалида "Ўзбеккино" МА Бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев ҳамда "Ўзбекфильм" ДУК директори Фотиҳ Жалоловлар сўзга чиқиб, ижодий гуруҳни илк катта премьера билан табриклашди. Режиссёр Аюб Шаҳобиддинов эса фильмнинг суратга олиш жараёнлари, ижодий жамоа билан меҳнати маҳсулига қисқача тўхталди. Фильм бошланишидан олдин ижодий гуруҳга эсдалик совғалари топширилди.

"Рангсиз тушлар" фильми узоқ йиллик маҳкумликдан сўнг, озодликка чиққан аёл – Кашмиранинг жамиятга мослашишидаги қийинчиликлари ҳақида ҳикоя қилади. Ролларда Феруза Саидова, Карим Мирҳодиев, Шоҳида Исмоилова, Лола Элтоева, Дониёр Ҳафизов, Бекзод Абдумуҳитов, Асал Абдуллаева ва бошқалар. Сценарий муаллифи Умид Ҳамдамов, постановкачи оператор Азизбек Арзиқулов, рассом Шамшод Иброҳимов, композитор Убайдулло Каримов.